Телебошловчи кўрсатувни бошлаб улгурмасидан зилзила содир бўлган ва у ўрнидан бақирганича туриб кетган.
Ҳозир интернет фойдаланувчилар ушбу воқеа кечаги зилзила вақтида содир бўлганлигини муҳокама қилишмоқда. Бироқ аслида бундай эмас.
Ёдингизда бўлса, 2008 йилда ҳам кундузи қисқа лекин, кучли зилзила содир бўлганди. Ўшандаги кучли зилзила оқибатида кўпгина иншоотлар таъмирталаб бўлиб қолган эди. Жумладан, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияснинг айрим янги таъмирланган биноларида ("Телемарказ", "Тошкент" телеканали) шифтлардаги қопламалар тушиб кетган, деворлар ёрилиб кетган.
Юқоридаги видео ҳам айнан ўша вақтга оид бўлиб, бошловчи Сурайё Эрматова кундузги янгиликларни ўқиш учун студияга кирганди. Бироқ, эътироф этиш жоиз бу воқеа жонли эфирда содир бўлмаган. Бугунги кунда телевиденияда янгиликлар дастури жонли эфирга узатилмайди. Афтидан, ўша вақтда студияда ишлаган тасвирчи ёки режиссёрлардан бири ушбу видеони тарқатган кўринади. Бу воқеанинг кечаги зилзилаларга оид эмаслигини студиянинг кўринишидан билса ҳам бўлади. Яъни ҳозирга келиб "Ахборот"нинг студияси янгиланган, видеода эса аввалги студия тасвирланган.