Главная » 2013»Fevral»4 » «Ҳаёт учун!» хайрия футбол ўйинига тайёргарлик бошланди
21:17
«Ҳаёт учун!» хайрия футбол ўйинига тайёргарлик бошланди
Фонд Форумнинг энг ёрқин ва эсда қоларли лойиҳаларидан бирига айланиб улгурган «Ҳаёт учун!» хайрия форум- марафонининг иштирокчилари сони йилдан-йилга сезиларли даражада ортиб бормоқда. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида ўтказиладиган тадбирлар ҳам кўпаймоқда. Ўтган йили марафон арафасида илк маротаба ўзбек эстрада ва кино юлдузлари ҳамда “Келажак овози” ЁТМ фаоллари иштирокида футбол ўйини ташкиллаштирилган эди. 10 мингдан ортиқ томошабинни жамлаган мазкур ўйин кўпчиликнинг эътибор ва қизиқишини қозонган, анча вақтгача муҳокама этилганди. Ёрқин шоу тарзида ўтказилган ҳодиса бу йил ҳам бўлиб ўтади. Хайрия футбол ўйини “Ҳаёт учун!” хайрия форум- марафони арафасида апрель ойида ўтказилади. Ўйинга тайёргарлик ишлари аллақачон бошлаб юборилган. 2012 йилнинг 23 апрель куни пойтахтимиздаги «Jar» стадионида ташкил этилган “Ҳаёт учун!” хайрия футбол ўйини чиройли голлар, кескин ҳолатлар ва хавфли вазиятларга бой бўлиб, футболнинг ашаддий ишқибозлари билан бир қаторда севимли актёр ва хонандаларининг футболчилик маҳоратига гувоҳ бўлишни истаганларга маъқул келганди. Мароқли ва жозибали, ҳиссиётлар бой бўлган ушбу беллашув ҳеч бир томошабинни бефарқ қолдирмади. «Хайрия футбол ўйини бу йил ҳам ўтказиладими?» - бу савол 2012 йилнинг 20 декабрь куни Фонд Форумнинг Ҳисобот online анжумани чоғида энг кўп берилган саволлардан бири эди. Ташкилотчилар ва футбол ишитирокчилари унга шак- шубҳасиз «Ҳа!» дея жавоб қайтаришди. Шу кунларда футбол ўйинига тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган – жамоалар таркиби шаклланмоқда, телевидение учун анонс роликлари суратга олинмоқда, ўйинчилар машғулотларда ўзларининг маҳоратларини оширишмоқда. Футбол ўйини иштирокчилари орасида Алишер Узоқов, Жаҳонгир Позилжонов, Валижон Шамсиев, Шукрулло Исроилов, Озодбек Назарбеков, Рашид Ҳолиқов, Улуғбек Рахматуллаев, Алишер Файз, "Зарба», «Сахро», «Уммон» гуруҳлари сингари ўзбек эстрада ва кино юлдузлари бор. Матч иштирокчилари бўлажак ўйин бўйича режалари ва тахминлари, ўтган йилги ўйиндан олган таассуротлари билан ўртоқлашишди. Мансур Норматов, «Келажак овози» ёшлар ташаббуслари маркази фаоли: - Ўтган йилги футбол ўйинида биз ғалаба қозондик. Очиғи бунга эришиши осон бўлмади: тайёрландик, жамоамиз билан биргаликда машқ қилдик. Бу йили ҳам ғолиб бўлишни мақсад қилганмиз. Лекин энг асосийси аёллар саломатлигига эътибор қаратши. Биз онахонларимиз, бувиларимиз ва сингилларимизни асраб- авайлашимиз, маммолог ҳамда гинеколог маслаҳатларидан мунтазам ўтишни эслатиб туришимиз лозим. Алишер Узоқов, актёр: - Аввало, бу йилги ўйинда қатнашаётганимдан мамнунлигиимни айтиб ўтишни истардим. Об-ҳаво шароитлари қийин бўлишига қарамасдан, жамоамиз аъзоларининг илк учрашуви илиқ руҳиятда ўтди, барча ғайрат- шижоатга тўла. Ўзимга келадиган бўлсак, жисмоний тайёргарлигим ёмон эмас. Кўкрак бези саратонига қарши курашга нафақат актёр ва мусиқачиларимиз, балки халқимиз ҳам тайёр. Бу йил иштирокчиларнинг сони ўтган йилдагидан кўпроқ бўлади назаримда. Демакки, қўйилган ташхис ҳукм эмас, касалликни енгишга қодир эканимизга ишонувчилар сафи ортади. Алишер Файз, хонанда: - “Ҳаёт учун!” хайрия форум-марафони сингари талдбирларни ташкил этиш орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ажойиб фикр. Артистлар учун бу ўз маҳоратини янги соҳада синаб кўриш, томошабинлар учун кўкрак бези саратонига қарши кураш ишларига ҳисса қўишиш имконидир. Апрель ойида ўтадиган футбол ўйинига барчани таклиф этиб қоламиз! Албатта келинг! 2012 йилда марафондан тушган маблағ 216 млн. сўмни ташкил этди. Уларнинг бир қисми футбол ўйинига сотилган чипталардан келиб тушди. Бу йили хайрия футбол ўйинига ташриф буюрганлар ҳам қизиқарли футбол шоусига гувоҳ бўлиш қаторида, хайрия ишига ҳисса қўшишлари, азиз аёлларимизга кўкрак бези саратонига қарши курашда кўмак беришлари мумкин бўлади. fundforum.uz