АЁЛЛАР ФУТБОЛИ РИВОЖИДА ЯНГИ БОСҚИЧ Хотин- қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, турли соҳа ва йўналишлардаги фаоллигини қўллаб- қувватлашга қаратилаётган доимий эътибор самарасида мамлакатимизда аёллар спорти ҳам жадал ривожланмоқда. Мини-футболчи қизларимиз ҳам халқаро мусобақаларда улкан ютуқларга эришмоқда. 2005 йили Таиландда ўтказилган I ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларида олтин, 2007 йили Макаода ташкил этилган II Осиё ўйинларида бронза медални қўлга киритди. Қаршининг “Севинч” жамоаси Испания, Болгария, Иордания, Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатларда ўтказилган халқаро турнирларда ғолиб ва совриндор бўлди. Жорий йилдан мамлакатимиз профессионал футбол клублари қошида хотин- қизлар жамоалари ҳам ташкил этилади. Бу футболчи қизлар учун ўқув- машғулот йиғинларини юқори савияда ташкил этиш, аёллар футболи бўйича мураббий ва ҳакамларни тайёрлаш, уларни ўқитиш, малакасини ошириш, хорижий илғор тажрибани ўрганган ҳолда илмий- методик таъминотни такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Олдинда эса муҳим мусобақалар турибди. Ўзбекистон хотин-қизлар миллий терма жамоаси Осиё чемпионатининг финал қисмига чиқиш учун 1-9 июнь кунлари Иорданияда бўладиган саралаш турнирида қатнашса, 16 ёшгача бўлган қизларимиз 7-17 ноябрь кунлари Осиё чемпионатида тўп суради. ЎзА