Хатолар кўплигидан, албатта, изтироб чекамиз. Хатолар сабабли ҳаётимиз қийноқлар оғушида кечади. Бироқ хатолар яшашга ёрдам бериши ҳам мумкин. Хатолар тафаккурни юксалтиради. Лекин хатойингдан ўзгаларнинг жабр чекиши яхши эмас. Биз ҳам (кўпинча, негадир, шунақа туюлади) таниш-нотанишларнинг хатолари эвазига “ҳақ тўлаб турамиз”. Ана шу ҳолатда айбдорни, яъни бизга азият етишига сабабчи инсонни кечириш – арзирли ишдир. Буни ҳамма эплайвермайди. Халқимизда бир ривоят бор: кекса донишманд чол уч ўғлини ҳақиқий мардона иш уддалашлари учун сафарга чиқарибди. Маълум муддат ўтиб улар қайтишади ва ўз ишларини гапириб беришади. Катта ўғил сувда оққан болани қутқариб, ўртанчаси эса бир бева аёлга ёрдам берибди, кенжа ўғил, ҳамма эртагу ривоятларда бўлгани каби айнан кенжа ўғил, энг мардона ишни амалга оширади – ҳарқалай ота шундай баҳолайди – ўз душманини ўлим хафвидан сақлаб қолади. Демак, ўз ғанимингга ҳам яхшилик қила олишинг керак, мана бу – мардлик. Ривоятдан шундай хулоса олиш мумкин. Маҳатма Ганди нима деган эди? “Душманингга-да яхшилик қил, ўнг юзингни урса, чапини тутиб бер. Ана шунда бир куни унинг кўнгли эзгуликка ошно бўлади”. Ушбу таълимот у қадар янгилик эмас эди ўз даври учун ҳам, чунки Будда ҳам, Исо Масиҳ ҳам, Муҳаммад саллолоҳу алайҳи ва саллам ҳам иснонларнинг ёмонликларига яхшилик билан жавоб қилишни тарғиб қилганлар. Мазкур таълимотлардан ўсиб чиққан Маҳатма Ганди ғоялари қуролсиз, ўтроқ, ривожланмаган Ҳиндистон халқининг озодликка эришиш йўлини мужассам этган ўзига хос мафкура эди. Майли, бу бир томон, мен бошқа нарса ҳақида гапирмоқчи эдим. Ҳаётда ҳамма ҳамиша нимадандир хафа. Ҳа, соддагина қилиб, тўпоригина қилиб айтиш мумкин: ҳамма хафа. Ота ўғлидан хафа, чунки ўғли бевош; ўғил отадан ранжиганроқ, чунки ота уни тушунмайди; Мирзо Улуғбек ҳам осмонларни забт этиб телбагина Абдуллатифининг қалбини забт этолмабди, натижада, падаркуш номини олган ўғил юрагини аввал хафалик эгаллаган... Ҳамма бу дунёда аввало, эътибор талаб қилиб яшайди, сўнг бу меҳр эҳтиёжига айланади. Меҳр доимо тақчил, лекин текин... Ташвишлар, югур-югурлар... Кимдадир шуҳрат, кимдадир мол-дунё ташвиши... Кимдир кимгадир хоинлик қилади, иккиюзламачилик қилади, қаҳр кўрсатади ва шунга ўхшаш ҳоказолар... Сизнинг яқин дўстингиз хиёнат қилса, кечира оласизми? Уни афв этиб, илгаригидек бемалол, қувониб, яшнаб, кулиб яшайверасизми? Қийин иш. Мушкул иш. Иложсиз иш. Кунига жуда кўп узр сўраймиз. Ҳатто дақиқасига узр сўраймиз. Бир куни автобусда эдим, келишган йигитнинг оёғини нохосдан қайта-қайта босиб олган қиз то манзилга етгунча узр сўраш билан машғул бўлди. Йигит ҳам уни кечиришдан эринмади, албатта. Шунга ўхшаш омади гаплар кўп. Кечириш, афв эта олиш – катта хислат. Ҳа, мен хислат, деяпман, фазилат демаяпман. Нима учун? Чунки гуноҳкорни афв этиш натижасида кишида турли кайфиятлар пайдо бўладики, бу жуда ҳам хилма-хил томоша. Сиз айбдорни афв этдингиз – ичингизда мана шу ишни амалга оширганингиз учун ўзингиздан миннатдор бўлдингиз, савоб иш қилганингиздан мамнун бўлдингиз, дейлик. Ана кечинманинг ўзиёқ сизни КЕЧИРА ОЛУВЧИ деган мавқедан олиб, ерга қараб улоқтиради. Чунки сиз бировни айбдорлик ҳиссидан озод қилиш учун эмас, ўзингиздан хурсанд бўлиш эҳтиёжини қондириш учун бу ишни амалга оширган бўласиз. Бу баайни бир яхши ишни дўндириб қўйиб, мақтовни эшитиб, бир қоп семириш билан баб-бараварки, асло кам эмас. Сиз айбдорни афв этдингиз – лекин бефарқсиз. Сабаби, унинг узри ёки сизнинг афвингиз сиз учун ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Демак, бу оддий иш. Бу афв этиш эмас, балки тиланчига ўн сўм бериб, бир онда ёддан чиқаргандек гап. Ахир, ўн сўмнинг қиймати ҳеч нимани ҳал этмас эди-ку! Сиз айбдорни афв этдингиз – лекин ичингиз тўла ғашлик. Ҳар кўрганда марҳамат кўрсатиб кечирган инсонингизни битта “чақасиз”, “тишлайсиз”, унинг изтироб чекканини сезсангиз, ҳузур қиласиз. Худди қон сўрган вампирга ўхшаб. Чўчиманг, намунча хунук ўхшатиш деб. Бунинг кечириш эмаслигига ўзингизнинг ҳам ақлингиз етиб турибди, бу, албатта, мунофиқликнинг такрорий кўринишларидан биридир. Сиз айбдорни афв этдингиз – унинг оғир аҳволига раҳмингиз келиб. Агар у шундай жазо олмаганида бу ҳақда гап бўлиши мумкин эмас эди. Ичингизда бадтар бўл, буям кам эди, ярамас, дейсиз-да, ташингизда, қаҳрамонларча КЕЧИРДИМ, дейсиз, кўнглингиз хотиржам тортади. Бу ҳам бағрикенглик эмас, интиқомдан лаззатланиш ҳиссининг бошқача кўринишидир. Гарчанд, айбдорга сиз жазо бермаган бўлсангиз- да, жазо олганидан мамнунсиз. Шунинг ўзи етади. Кечира олиш ҳақиқатан ҳам хислат, нима дедингиз? Кимда бу хислат бор?
|