Главная » 2013»Avgust»1 » Абитуриентларнинг кўпчилиги ўз кучига ишонмоқда. Сўровнома якуни
00:52
Абитуриентларнинг кўпчилиги ўз кучига ишонмоқда. Сўровнома якуни
Эртага юртимиз ёшлари учун муҳим кунлардан бири! 1 августда анаъанага кўра, мамлакатимиз олий ўқув юртларида давлат тест имтиҳонлари ўтказилади. Эртага эрта тонгдан юрагида тўла ҳаяжон билан абитуриентлар олийгоҳ томон йўлга тушишади.
Darakchi.uz имтиҳонлар арафасида абитуриентлар ўртасида сўров ўтказди. Унда иштирок этганлар "Давлат тест имтиҳонларига тайёрмисиз?" деган саволга ўз фикрларини билдириб ўтдилар.
6-30 июль кунлари давомида сайтимизга ташриф буюрган қарийб 1000 киши ушбу сўровномада қатнашди. Якуний натижаларга эътибор қаратадиган бўлсак, эртага 1 август куни имтиҳон топширадиган ёшларнинг аксарияти ўз билими ва кучига ишонаётганига гувоҳ бўламиз.
Жумладан, сўровномада қатнашган 438 киши ёки жами қатнашувчиларнинг 45,3% имтиҳонга тайёр экани ва бунда фақат ўз билимига ишонишини қайд этган.
Лекин шу билан бирга имтиҳонга шуначаки кираётганлар ҳам кам эмас. 166 киши ёки сўровномада фикр билдирганларнинг 17,2% тестларга тайёрланмагани ва эртага таваккалига иш тутиб, саволларга жавоб бермоқчилигини маълум қилган.
Қарийб яна шунча киши, аниқроқ айтганда 164 киши (17%) эртанги имтиҳонларда ота-онасининг "ёрдами"га таянишини белгилаган.
105 иштирокчи (10,9%) эса имтиҳонда шпаргалдан фойдаланмоқчи экан, 9,7% ёки иштирокчиларнинг 94 нафари имтиҳонга тайёрлангани лекин ўзига бўлган ишончи сустлигини таъкидлаган.
Bekorchi.Uz барча абитуриентларга эртанги тест имтиҳонларида омад тилайди.