Главная » 2013»May»14 » АҚШда тўрт яшар болакай ҳокимликка сайланди
03:00
АҚШда тўрт яшар болакай ҳокимликка сайланди
Америкалик болакай Миннесота штатидаги кичик бир ҳудудга раҳбар бўлди. Энг ҳайратланарлиси шундаки, янги мэр атиги тўрт ёшда.
Эндиликда Роберт Тафтс 22 кишидан иборат аҳолига эга Дорсет ҳудудида ҳокимлик қилади. Шундай юқори ва мартабали лавозимга тайинланишига қарамай, янги мэр ҳамон болалар боғчасига қатнайди.
Хабарларга қараганда, Роберт бу вазифага "Дорсет диди" фестивали давомида ўтказилган анъанавий овоз бериш жараёнида сайланган.
Кузатувчиларнинг сўзларига кўра, мазкур жараёнда шляпа ичига кўпчиликнинг исмлари қоғозларга ёзилиб, солиб қўйилади ва номи олинган энг омадли шахс мэр лавозимига тайинланади. Қишлоқ мэри вазифасига номзодлик қилиш учун сайловолди кампания ҳисобига 1 АҚШ доллари миқдорида пул тўлаш керак.
Маҳаллий аҳолининг айтишича, Роберт Тафтс ёш бўлишига қарамай, ўз фикрини аниқ ифодалай олади. Айтгандай, янги ҳоким ёши учун мураккаб бўлган муаммолар ечими ҳақида бош қотириши шарт эмас, боиси Дорсетнинг молиявий масалалари билан маҳаллий бизнесменлар шуғулланадилар.