АҚШнинг Луизиана штатидаги Янги Орлеан шаҳрида кеча "Оналар кунига" бағишлаб бўлиб ўтган парад чоғида номаълум шахслар томонидан отишма содир этилди.
Хабарларга қараганда, тадбирда қарийб 300 киши қатнашган, кутилмаган бахтсиз ҳодиса оқибатида ўн тўққиз нафар одам жароҳатланган. Зиён кўрганлар орасида ёш болалар ҳам борлиги айтилмоқда. Мутахассислар жароҳатлар хавфли эмаслигини таъкидлашмоқда.
Айни вақтда мамлакат полиция ходимлари жиноят содир этган уч нафар гумондорни изламоқда. Мазкур фавқулодда ҳолат юзасидан тезкор суриштирув ишларини олиб бориш натижасида айбдорлар қўлга олинишига умид билдирилмоқда. Ушбу ҳолат бўйича гувоҳлар сўроққа тутилмоқда, видеокузатув камераларидаги ёзувлар текшириб чиқилмоқда.
АҚШ ҳуқуқни муҳофаза қилиш вакиллари мазкур ҳодиса терроричилик ҳаракати эмас, оддий кўча зўравонлиги эканини таъкидлашмоқда.
Янги Орлеан ҳукумати парад иштирокчиларини ўққа тутган жиноятчиларни қўлга олишга кўмаклашувчи маълумотни берган шахсга 10 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот пули ваъда қилган.
Кузатувчиларнинг айтишича, парадни ўтказишга барча зарур хавфсизлик чоралари кўрилган бўлса-да, аммо тўсатдан юз берган мудҳиш ҳодиса сониялар ичида рўй беришга улгурган.