Америкалик тадқиқотчилар мамлакатдаги энг хавфли касблар рейтингини тузди. Унга 16 та касб кирди.
Маълум бўлишича, ушбу касб вакиллари бошқаларига қараганда тез-тез ўлимга олиб келувчи жароҳатларни олар экан. АҚШ Меҳнат статистикаси бюросининг маълумотларига кўра, 2011 йилда 100 минг ишчига ўлимга олиб келган ўртача 3,5 та жароҳат тўғри келган.
Бу 1933 йилги кўрсаткичлар билан солиштирганда анча паст кўрсаткич ҳисобланади. Ўша пайтда иш жойида 100 мингта одамдан 37 таси ҳалок бўлган. Бироқ ҳозир ҳам айрим касб вакиллари ишда нобуд бўлиш хавфига эга.
Бундай касблар рўйхатига кончи, қурувчи, тураржойларни тозаловчи ишчи, қурилиш техникаси оператори, чиқинди йиғувчи ва ҳатто фермер ҳам кирган. Бироқ Америкада балиқчилик касби энг хавфли касб бўлиб чиқди.
Маълумотларга кўра, 100 мингта ишчига 127,2 та ўлимга олиб келувчи жароҳат олган ишчи тўғри келар экан. Бундан ташқари, рўйхатдан ўрмон кесувчилар, учувчилар, тунукачилар, металл конструкцияларни йиғувчилар, юк машинаси ҳайдовчилари, киракашлар ва электриклар ҳам ўрин олган.