Главная » 2013 » Aprel » 26 » АҚШ Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишига техникавий кўмак бермоқчи
17:55
АҚШ Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишига техникавий кўмак бермоқчи
АҚШ Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши учун мамлакатимизга техникавий ёрдам таклиф этмоқда.
Бу ҳақда АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида сўзлаган нутқида маълум қилган.
«Айни пайтда Россия ва Тожикистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзодирлар. Қозоғистон ва Афғонистон эса ушбу ташкилот аъзолари қаторига қўшилиш йўлида катта самараларга эришмоқда. Ўзбекистон ва Туркманистон яқинда бу сафга қўшилиш истагини билдирдилар. Биз бу борадаги саъй-ҳаракатларни қатъий қўллаб-қувватлаймиз, бинобарин, барчамиз минтақада очиқ ва кенг қамровли савдо тартиби ўрнатилишидан манфаатдормиз. Халқаро бизнес ЖСТга аъзо бўлиш натижаларига мамлакатлар, яъни бу ҳолатда бутун минтақа сармоялар учун очиқ эканининг белгиси сифатида қарайди», деб таъкидлади Блейк.
У, шунингдек, расмий Вашингтон ЖСТга аъзо бўлиш бўйича Ўзбекистоннинг конструктив музокаралар олиб боришида мамлакатимизни қўллаб-қувватлаш ниятида эканини ҳам айтиб ўтган.
«Биз Ўзбекистоннинг саноат стратегик соҳаларининг келгусида рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида уларни ҳимоя қилиш бўйича интилишини қадрлаймиз. Бу каби масалалар ташкилотга аъзо бўлишнинг узвий қисми ҳисобланадиган музокаралар чоғида ишчи гуруҳ томонидан ҳал этилади. АҚШ Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш билан боғлиқ шу каби ва бошқа масалаларни ҳал этишда мамлакатга техникавий кўмак таклиф этишдан мамнун», - дея қайд этди АҚШ Давлат котибининг ёрдамчиси.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳукумати қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги зиммасига мамлакатимизга «Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишига кўмаклашиш» лойиҳасини амалга ошириш учун Европа Иттифоқи комиссияси томонидан 2013-2015 йилларда қиймати 1 миллион АҚШ долларига тенг беғараз техникавий ёрдам кўрсатиш масаласи билан боғлиқ ишларни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.