Главная » 2013 » Mart » 20 » 81 ёшли онахон мактабни набираси билан бирга битирди
21:57
81 ёшли онахон мактабни набираси билан бирга битирди
Япониянинг Кавагути шаҳрида истиқомат қилувчи 81 ёшли онахон бутун умри давомидаги орзусини амалга ошириб, ўрта мактаб дипломини қўлга киритди. Рицуко Кенмокунинг ўз мақсади сари тиришқоқлик билан интилишидан ёшлар ўрнак олса арзийди. ИТАР-ТАССнинг хабар беришича, ўқувчи-момо ўз эришган поғонасида тўхтаб қолмай, катта мактаб машғулотларига ҳам қатнашни режалаштирмоқда. Рицуко 1931 йилнинг июль ойида кичик қишлоқда дунёга келган. Унда болалик чоғлариданоқ билим олишга бўлган катта қизиқиш бўлган. Бахтга қарши Иккинчи жаҳон уруши сабабли у дарсларни ташлаб кетишга мажбур бўлган. Ўша вақтларда кўплаб япон болалари далаларда тер тўкиб, ота-оналарига ёрдам беришларига тўғри келган. Урушдан сўнг эса таълим олишга бел боғламоқчи бўлиб турган Рицуконинг орзу-умидларини тақдир уммони ўз гирдобига олиб кетади: у турмуш қуради, 3 фарзанднинг онаси бўлади. Шундай қилиб уй-рўзғор ташвишлари уни китоб ўқиш имкониятидан бебахра қилди. Болалар мактаб ёшига етгач, Рицуко фарзандларига ўқув машғулотлари бўйича ёрдам беролмаганидан ўксинарди. Уч йил муқаддам момо кўп йиллик орзуларини амалга ошириш мақсадида ўрта мактаб таълимини олишга қарор қилди. Бу гал унинг билим олишига ҳеч нима тўсқинлик қилолмади ва у мақсадига эришишга муваффақ бўлди. Зеро, илм олишнинг эрта-кечи йўқ, деб бежиз айтишмайди. Қувонарлиси шундаки, у ўз набираси билан бир кунда диплом олди. «Мактабда таълим олиш менга жуда ёқди. Мақсадимга етганимдан бехад бахтиёрман», - дейди Рицуко. Айтгандай, илм олишга шу қадар шўнғиб кетган онахон ҳатто таътил вақтлари ҳам мактабга бориб, ўқитувчилар ёрдамида дарс тайёрлар эди.