АҚШдаги қор босган ғорнинг қарийб бир ҳафталик асирасига айланган Мэри Оуэн қутқарувчилар томонидан сақлаб қолинди.
23 ёшли бу сайёҳ қиз олти кун мобайнида бутунлай ёлғиз ҳолда қоронғу ғорда қолиб кетган. Хабарларга қараганда, бахтсиз воқеа Орегондаги Маунт-Худ номли энг баланд тоғ чўққисига кўтарилиш пайтида рўй берган. Мэрининг айтишича, у 1463 метр баландликдаги қор қопқонига тушиб қолган.
"Қоқилиб кетиб, оёғимни шикастладим ва йўлда давом эта олмадим. Қор кўчиши хавфи борлиги учун қор босган ғорга кириб олдим. Боиси фақат ўша ердагина шамолдан ҳимояланишим мумкин эди”, - деди бўлган ҳодисадан қаттиқ қўрқувга тушган қизалоқ.
У исиниш учун олов ёқмоқчи бўлган, аммо бир кундан сўнг гулхан ўчиб қолган ва қиз бутунлай зулматда қолиб кетган. Кунлар ўтгани сайин Мэри уни қутқариш учун ёрдам келишидан умидини узади. Бироқ тўртинчи куни қор асирасига айланган Оуэн бахтли тасодиф бўлиб қутқарувчилар вертолётини кўриб қолади. Лекин қиз эрта қувонган кўринади – унинг қиғқириғини ҳеч ким эшитмайди...
Спортчи қиз бир неча кун бедарак йўқолган деб саналди. У профессионал маҳорати ва ғайрати шарофати билан мўъжиза бўлиб бундай тутқунликдан қутулиб чиқди. Ўлим ёқасига келиб қолган Мэрини олтинчи кунда аниқлашди. Бу вақтга қадар унинг оёқлари музлаб қолган эди.
"Ноумидликка тушиш шу қадар оғир экан. Сўнгги кунгача бор куч-ғайратим билан ҳаёт учун курашдим”, - деди Оуэн кўзида ёш билан. Айни вақтда у шифохонада даволанмоқда.