Бугунги кунда ишбилармон доираларга кўрсатилаётган молиявий кўмак уларнинг фаолияти учун қулай шароит яратмоқда. Ҳаётимизга, банк фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларининг шитоб билан кириб келиши молиявий хизматлар савиясини кўтармоқда.
Бугунги кунда пластик карточкалар ҳар бир ватандошимизнинг асосий аксессуари бўлиб қолди. Интернет банкинг хизматидан фойдаланувчилар эса унинг ўзларига анча қулай эканини эътироф этишмоқда. Чунки ҳисобрақамлардан масофадан туриб фойдаланиш тизими банк ва мижоз учун ҳисоб-касса операцияларини амалга оширишда, ҳар қандай ҳисоб-китобларнинг реал вақт режимида амалга оширилишига, пул оқимларини кузатиб боришига, вақт ва меҳнат сарфини камайтиришга шароит яратди.
Айни пайтда 46124 та тадбиркорлик субъекти банк-мижоз ва интернет-банкинг, 143891 таси эса смс ва мобиль-банкинг хизматларидан фойдаланмоқда. Масофавий хизматлардан фойдаланувчилар сони ой сайин ўсиб бормоқда. Айтиш ўринлики, банклар тўловларни электрон шаклда амалга оширувчи кичик тадбиркорлик субъектларининг ҳисобварақларига хизмат кўрсатиш учун олинадиган тўлов миқдорини 20 фоизгача чегирганлар.
Микро ва истеъмол кредитлашни ривожлантиришга қаратилган тадбирларнинг амалга оширилиши, халқаро стандартлар ва технологиялардан фойдаланган ҳолда тўлов тизимининг такомиллаштирилиши, молиявий институтлар инфраструктурасининг кенгайиши шу йилнинг биринчи ярим йиллигида молиявий хизматлар кўрсатиш ҳажмини 28,5 фоиз ўсишини таъминлади.