SHERLAR.BIZ Juma, 26.04.2024, 20:12
Приветствую Вас Mehmon | RSS
Меню сайта
Категории раздела
Latifalar [11]
Primyeralar [12]
Mobil telfonlar [197]
Sevgi dunyosi [826]
Qo'shiq matni [94]
Texnogoliyalar [98]
Kino yangiliklari [71]
Jahon yulduzlari [58]
Dunyo xabarlari [706]
Salomatlik sirlari [13]
Sport yangiliklari [589]
O'zbek yulduzlari [130]
Shou biznes olami [575]
Foydali maslahatlar [253]
Taomlar retseptlari [6]
Yulduzlar biografiya [59]
Qiziqarli malumotlar [697]
O`zbekiston Yangiliklari [641]
Munajjimlar bashorati 2017, 2018, 2019 / Мунажжимлар башорати 2017, 2018, 2019 [0]
Yangi qo'shiqlar 2017, 2018 [0]
Yangi mp3lar 2017, 2018 [0]
25-May bitiruvchilar kuni uchun she'rlar [1]
Ramazon tabriklari / Ro'za haqida she'rlar tilaklar [1]
Onalar haqida juda tasirli she'rlar / Manoli / Mazmunli [1]
Do'stlik haqida sherlar / Yaxshi va yomon do'stlar haqida she'rlar to'plami [1]
Наш опрос
Sayt haqida fikringiz
Всего ответов: 284
Мини-чат
Статистика


Hozirda saytda: 2
Mexmonlar: 2
Foydalanuvchilar: 0
Главная » 2013 » Mart » 31 » 2-Тошкент юридик коллежи ўқувчилари ваҳшийлашиб кетдими
14:43
2-Тошкент юридик коллежи ўқувчилари ваҳшийлашиб кетдими
Таҳририятимизга келган муштарий мурожаати юзасидан 2-Тошкент юридик коллежида таълим ва тарбия борасидаги олиб борган журналист суриштирувини эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз. Мурожаатчининг исм-фамилияси эса ўзининг хоҳишига кўра сир сақланади. Мурожаатнинг қисқача тафсилоти эса қуйидагича...

"– Қизим 2-Тошкент юридик коллежининг биринчи босқич талабаси. Сўнгги пайтларда ўқишга бўлган қизиқиши сусайган. Буни ундаги коллежга бориш истаги ҳам сўнганидан сўнг сездим. Дастлаб, гап нимадалигини тушунмадим. Чунки ўқиётган йўналишини ўзи танлаган эди. Кейин билсам, бунга коллеж талабалари орасида хулқи ёмон, жанжалкаш талабалар (асосан қизлар орасида) кўплиги сабаб бўлибди. Қизимни, катта курс ўқувчилари ҳатто таъқиб қилишаётган экан. Ҳайратланарлиси, коллеж раҳбарияти бунга қарши ҳеч қандай чора кўрмаяпти. Тўғрироғи, кўра олмаяпти!”
АЧИНАРЛИ, АММО ҲАҚИҚАТ...
Таҳририятнинг интернет манзилига тушган бу мурожаатдаги вазиятдан бохабар бўлиб, ижодий жамоа билан уни муҳокама қилганимизда, дунё телеканаллари орқали тез-тез эфирга узатилаётган лавҳалар кино тасмасидек кўз олдимдан ўтди. Коллеж ўқувчилари орасидаги низолар, гуруҳ-гуруҳ бўлиб ўз тенгдошларига тан жароҳати етказишлар... ҳатто устозларга ҳам қарши жисмоний ҳаракатлар... Наҳотки бундай андишасизлик, бетарбиялик ва ҳурматсизлик, инсон қадрига бефарқлик бизнинг айрим ёшларни ҳам ўз домига тортиб улгурган бўлса...
Биз айнан мурожаатдаги ҳолат юзасидан маълумот олиш ва унга ойдинлик киритиш мақсадида 2-Тошкент юридик коллежи раҳбар ходимларига мурожаат қилдик. Зеро, таълим муассасалари таълим бериш билан бирга тарбия ўчоғи ҳамдир.
Коллеж раҳбариятининг "дахли йўқ”ми?
Таҳририятимиз интернет манзилига тушган мурожаатдан ташқари айни шу масалада суриштирувларимиз жараёнидаги маълумотлар ҳақида айтганимизда, ўқув маскани раҳбари, ҳуқуқшунослик фанлари номзоди Абдумухтор Ҳасанов ўйланиб қолди.
– Биласизми, айни кунларда ўқувчилар орасида бироз келишмовчиликлар бўлаётгани рост. Аммо бу ваҳима қилишга асос бўла олмайди, вазиятни назоратда ушлаяпмиз, – деди бироз муддатдан кейин суҳбатдошимиз. – Ҳаммасига ўқувчиларнинг руҳий ҳолати яъни, ўтиш давридаги қийинчиликлар сабаб. Биз уларга нисбатан бирор жазо қўллашга ҳақли эмасмиз. Юртимизда мажбурий таълим йўлга қўйилган экан, уларга билим беришимиз шарт.

– Тўғри, аммо сиз раҳбарлик қилаётган ўқув масканида айрим ўқувчилар бошқа тенгдошларига тан жароҳати етказиши каби ҳолатлар юзага келаётган экан. Бундай вазиятда тарбияни янада кучайтириш керак эмасми?
– Бу масалада мен сизга аниқ жавоб бера олмайман. Буни участка нозири билан гаплашишингиз керак.
Коллеж раҳбари вазиятни бизга "тўғри тушунтирган” ҳолда, ўқув масканидаги аҳвол ҳақида барча саволларга жавоб бериш ваколатини мазкур таълим-тарбия даргоҳидаги Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Дилшод Каримовга топширди. Биз ҳам ноумид шайтон деганларидек, директор ўринбосари билан мулоқот ўтказишга уриндик.
"Жазолашга ҳақимиз йўқ”?!
2-Тошкент юридик коллежи Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарининг маълумот беришича, ўқув муассасаси ички рўйхатида саккиз нафар ўқувчи тарбияси оғир талабалар рўйхатига киритилган. ИИБ рўйхатида турадиган талабалар сони эса уч нафар.
– Барча тарбияси оғир ўқувчилар билан курс раҳбарлари, қолаверса, шахсан ўзим алоҳида суҳбатлашиб, тушунтириш, тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошираман, — дейди директор ўринбосари.

– Ушбу ўқув масканидаги айрим ёшларнинг тарбиясига билан боғлиқ маълумотларига кўра, бу ерда таҳсил олаётган талабалар ичида пичоқ олиб юриш ҳолатлари ҳам кузатилган. Асосли бўлиши учун мисолларга ўтсак: ўтган йили дарс пайтида икки йигит жанжаллашиб, бири иккинчисига пичоқ санчиши натижасида қаттиқ жароҳатланган...
— Бу ҳолат ўқитувчининг дарсга масъулиятсизлигидан келиб чиққан. Айбланувчининг иши бўйича тегишли идоралар иш олиб боряпти. Жараён тўхтагани йўқ. Ишига масуълиятсизлик билан ёндашган ўқитувчи эса ишдан бўшатилди.

– Ушбу таълим масканида 3 йилдан буён таҳсил олаётган яна бир ўқувчи қиз ҳам тарбия борасида анчагина муаммолар келтириб чиқараётган экан...
– Бу ўқувчининг шу кунгача қилган ишлари бўйича ҳам тегишли ташкилотларга мурожаат қилганмиз. Ҳозирда аризалар кўриб чиқиляпти. Ўзимиз ҳам бу қизнинг хулқи борасида тегишлича ишлар олиб боряпмиз, лекин вояга етмаганларнинг тарбияси учун кўпроқ ота-она жавобгар саналади. Шундан келиб чиққан ҳолда, интизомсиз ўқувчиларнинг ота-оналари билан учрашиб суҳбатлар уюштирамиз. 18 ёшга тўлганларнинг ўзини огоҳлантириб, ҳайфсан эълон қиламиз (?). Агар ўқувчи ўзига тегишли хулосани чиқармаса, унда тегишли тартибда Ички ишлар идораларига ёки Вояга етмаганлар комиссиясига мурожаат қилинади. Биз таълим бериш мақомидан келиб чиқиб, ўқувчига нисбатан ҳеч қандай жазо белгилай олмаймиз. Тан жароҳати, ҳақорат ёки келтирилган зарарлар бўйича айбланувчига жазони суд органларигина белгилаш ҳуқуқига эга.

– Наҳотки ўқув муассасаси раҳбарияти айнан тарбияси оғир саналган ўқувчилар кўпайишининг олдини олиш учун тегишли ҳуқуқ-тартибот органлари ёки ваколатли идоралар ҳамкорлигида ёки ота-онани жалб қилган ҳолда тарбия борасида янада қатъийроқ чоралар қўллашининг иложи бўлмаса?
– 15 йил оиласида олган тарбиясига ўқув масканида бошқа тарбияни сингдириш қийин. Зеро, тарбия оиладан бошланади. Биз қўлдан келгунча билим билан биргаликда тарбия ҳам беришга ҳаракат қиляпмиз. Аммо уларни коллеждан ҳайдашга ҳақимиз йўқ. Юртимизда 12 йиллик мажбурий таълим тизими қатъий йўлга қўйилган.
Мана сизга айрим ўқув масканларида таълим ва тарбия борасидаги вазият. Нега тарбияси оғир сифатида рўйхатга олинган ўқувчилар билан ишлаш борасида айни пайтда амалга оширилаётган ҳаракатлар деярли сезиларли натижа бермаётган бўлса, уларга эътибор янада кучайтирилмайди? Психологлар билан алоҳида мулоқот учрашувлари тез-тез ўтказилмайди? Балки бу борада нимадандир ёки кимдандир чўчиш бордир? Бу саволларга эҳтимол суриштирув сўнгига қадар ечим топармиз...

Коллежнинг "якка ҳоким”и
Суриштирувимиз давомида айнан мақола ёзилишига сабаб бўлган "қаҳрамон қиз” билан учрашишга ҳам аҳд қилгандик. Учрашдик ҳам. У қизни кўча-кўйда кўрган киши безорилик қила олишига ишониши қийин. Аммо...

– Сиз атрофдагилар билан ўта бешафқат муносабатда бўлишингиз ҳақида кўп эшитдик...
– Биринчидан, мен шу кунгача ҳеч кимга қўл кўтармаганман. Лекин, тўғри, баъзи ўқувчилар билан гап талашиб, уришиб кетганим рост... Мен тегмаганга тегмайман. Кимдир ножўя гапирса, жавоб қайтаришим мумкин.

– Ўтган йили ўқувчи қизлар орасида келишмовчилик сабаб бири иккинчисига тан жароҳати етказган, деган гаплар қулоққа чалинди.
– Бу бор гап. Дугоналаримдан бирини лабини тишлаб юлиб олишган эди. Аммо бу воқеага менинг алоқам йўқ.

– Коллежда психолог фаолият юритар экан. Улар билан ҳеч суҳбатда бўлганмисиз?
– Йўқ.
Суҳбатдошимизнинг айни шу жавобидан масалага бироз ечим топгандек бўлдик. Наҳотки кўпчилик таҳсил олувчилар билан муаммо юзага келаётган бир пайтда талаба қиз ўқув масканида мавжуд психолог мутахассис суҳбатида бир марта ҳам бўлмаган? Умуман олганда "қаҳрамон”имиз билан кечган қисқа мулоқот орқали моҳиятдан хабар топдингиз. Ахир бу бизнинг эмас, айнан ўша ўқув масканида таҳсил олувчи талаба қизнинг маълумотлари. Асосийси, нега бу мавзу бизни бефарқ қолдирмаганини энди тушунгандирсиз? Қизлар орасида бир-бирига тан жароҳати етказишгача ҳолатлар кузатилган ўқув маскани масъулларининг айрим ёшларимиз тарбияси билан боғлиқ оғриқли масалада "бирор қарор чиқаришга, уни жазолашга ҳақли эмасмиз” дейишини қандай тушуниш мумкин?
"Қаҳрамон-қиз”нинг онаси нима дейди?
– Ростини айтишим керак, қизимни 1-2 курсда қаттиқ назоратда ушлар эдик, — дейди суҳбатдошимиз, "қаҳрамон-қиз”нинг онаси. – Уч аканинг орасида ўсган қизим доим назоратда, ҳатто акалари ўқишига ўзи олиб келиб, уйга ўзлари олиб кетишар эди. Мана бир йил бўлди, унга бироз назоратни сусайтирган эдик. Қизимни бировга зиён етказадиган қиз, деб билмайман. Куни кеча шу ўқув маскани талабалари билан қандайдир келишмовчилик сабаб уйга юзлари қонталаш бўлиб кириб келди. Нега энди қизим бировлардан калтак еб юриши керак? Яна уни айбдор қилиб кўрсатишади. Сизни қизиқтирган жараёнда мазкур ўқув даргоҳидаги талабаларнинг тарбияси билан боғлиқ оғриқли масалада фақат қизим айбдор бўлаётгандек ҳис қиляпман. Ҳатто, қизим тарбияси оғир талабалар рўйхатидалигидан ҳам хабарим йўқ. Бу ҳақда ўқитувчилар биз ота-оналарни огоҳлантириши керак эмасми?
Қизиқ, директор ўринбосарининг маълумотларида ҳар бир тарбияси оғир талабаларнинг ота-онаси билан мулоқот ўтказилиши ва уларга тўғри тарғибот-ташвиқот олиб борилиши борасида берган маълумотларини суҳбатдошимизнинг бу фикрлари қанчалик исботлай олди? Наҳотки суҳбатдошимиз қизининг махсус рўйхатда туришини бизнинг суриштирувимиз жараёнида хабар топган бўлса? Энг аянчлиси шундаки, ўқув маскани талабаларидан тортиб ота-оналаргача ва ҳатто таълим муассаса раҳбарларигача ёшларнинг келажаги олдидаги жавобгарликни бир-бириларининг зиммаларига юклаб қўйишмоқда. Эҳтимол бу борада айнан ўқув маскани жойлашган Чилонзор тумани ИИБ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлими профилактика инспектори томонидан қонун доираси алоҳида қатъий ёндашувлари бордир?

"Тартибсизликлар анчагина”
– Ушбу коллеж талабалари орасида баъзи тартибсизликлар бўлиб туриши рост, — дея Чилонзор тумани ИИБ ҳуқуқбузарлини олдини олиш бўлими профилактика инспектори, участка нозири Адҳам Ахунжанов ҳам вазиятнинг асл ҳолатини таъкидлади. – Шу кунгача анчагина ўқувчига нисбатан жиноий ва маъмурий жазо ҳам қўлланилган.
Шунингдек, участка нозири бизга тақдим этган маълумотларида ўқув масканида таҳсил олаётган ва айнан мурожаатда келтирилган вазиятларнинг бош "қаҳрамони” бўлган қизнинг ҳаракатлари устидан бир неча марта шикоят хати тушгани, улар ўрганиб чиқилиб, огоҳлантириш берилганини таъкидлади. Ҳатто "қаҳрамонимиз” иштирок этган бир низодаги жисмоний ҳаракатлар борасида экспертиза жавоблари олиниб, у "Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодекснинг 52-қисми (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) билан айбдор деб топилган.
Ким масъул?
Айни шу масала юзасидан маълумот олиш учун Тошкент шаҳар касб-ҳунар таълими бошқармаси масъулларига мурожаат қилганимизда бундай болаларни тарбиясига айнан ўша ўқув даргоҳи раҳбарлари ва ота-оналари ҳамкорликда эътиборни янада кучайтириши керак, ахир бировнинг ёмонлигини бот-бот таъкидлаб, уни яхши йўлга бошлаб бўлмайди, қабилидаги фикрларни эшитдик. Ҳақиқатан ҳам ўқишдан четлатиш, балки бошқа ўқув масканига кўчириш ва ҳуқуқий жазолаш масаланинг ечими бўла олмайди. Шундай экан, мақоламиз мавзусига сабаб бўлган ўқув муассасаси ва ота-оналар томонидан амалда қўлланилаётган мавжуд тарбиявий ёндашувларга янада жиддийроқ эътибор бериш керак. Бу эса сўзсиз ўқув маскани раҳбарияти ва мутахассислари ҳамда ота-оналар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Акс ҳолда, бир тарбияси оғир талабанинг ортидан яна бошқалари эргашмаслигига ким кафолат бера олади?
Хулоса ўрнида
Муаммонинг катта-кичиги бўлмайди. Шу боис айримларнинг назарида бу масала "ёшларнинг ўтиш давридаги бир ҳолат” дея баҳоланишидан қатъи назар, суриштирувни ўтказишга киришдик. Бир ҳолат юзасидан ўтказилган суриштирувимиз жараёнида олинган маълумотлар кимнингдир фарзанди тарбиясига, яна айнан шу масъулиятли вазифада ота-оналар билан баб-баравар жавобгарликка эга соҳа ходимларининг касбига бўлган муносабатида озгина бўлса-да, туртки берар, деган мақсадда уни чоп этишга ҳам қарор қилдик. Ниятимиз эса айрим ёшларнинг жуда ҳаддан ошган бебошлиги, тартибсизлигига чек қўйиш, шу йўлдан кетаётган бошқа ўқувчиларнинг кўзини очиб, тўғри хулосага келишларига сабабчи бўлишдан бошқа нарса эмас.

Барно МАДАЛИЕВА, Алия ТУЛЕМБАЕВА
Категория: O`zbekiston Yangiliklari | Просмотров: 1132 | | Рейтинг: 5.0/6
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Вход на сайт

Ro'yxatdan o'tish
Parolni unutdingizmi?
Поиск
Календарь
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Хостинг от uCoz