Ўн кун уйида ўтирган қайнсинглиси туфайли қон ютди бечора. Қайнанаси ҳатто “зоти паст, онаси ҳам бетайин”, дейишгача борди. Аммо Дилфуза ҳаммасига сабот билан чидади. Энди умрининг охиригача шундай келишмовчиликлар билан яшашини ўйлаб юраги сиқилди...
– Баъзи оилаларда ҳали ҳам қарши қуда бўлиш анъанаси давом этяпти, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини ҳузуридаги хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси раиси Гавҳар Турдибекова. – Бунинг оқибатида оилавий келишмовчиликлар сони кўпаяётгани ачинарлидир. Яқинда икки оила бир ойнинг ичида қарши қуда бўлиб, бирин-кетин тўй ўтказишди. Биринчи оиладаги келин уч кунда уйига қайтиб келди. Натижада иккинчи оиладаги келин ҳам уч ойдан сўнг уйига қайтариб юборилди. Қанчалик тушунтириш ишлари олиб бормайлик, икки ёш оила ҳам бузилиб кетди. Шунинг учун қарши қуда бўлиш олдидан ҳар қандай оила чуқур мулоҳаза ва мушоҳада билан иш юритмоғи лозим. Яхшиси, бундай қалтис ишга қўл урмаган маъқул.
Дарҳақиқат, ҳаёт турфа синов ва имтиҳонлардан иборат. Уни атай қийинлаштириш, турмушдаги вазиятларни билиб туриб чигаллаштириш соғлом ақл ва мантиққа зиддир.
Энг ёмони, ота-оналарнинг чуқур ўйламай қилган қарорларидан гоҳида айбсиз фарзандлар, неваралар азият чекишади. Гулдай рўзғори барбод бўлиб, гўдаклар тирик етимга айланади.
Насиба эрининг гиёҳванд эканини билиб қолгач, ота уйига қайтиб келди. У аламини кимдан олишни билмасди.
– Синглимни бахтсиз қилганларинг учун сендан воз кечаман. Бор, йўқол, уч талоқсан, – деди жаҳл устида. Аёл турмушини тиклашга ҳарчанд уринмасин, барча ҳаракатлари зое кетди. Энг ёмони икки норасидасининг ота меҳрига зор бўлиб улғаяётганидан юраги эзиларди.
Мутахассислар фикрича, кишидаги инстинкт алдамчидир. Шу боис, оналар кўп ҳолларда фарзандини ранжитган кишиларни кечиролмайди, қарши қудалар орасидаги кичик тушунмовчилик эса катта муаммоларни келтириб чиқариши ҳеч гап эмас. Турмуши бузилган қизнинг ўз янгаси ёки келинига зуғум ўтказмаслигига ишониш амри маҳол. Шундай экан, фарзандларимизни қийноқлар исканжасига ташлашни истамасак, бу каби қолоқ одатлардан узоқроқ юрайлик.