Мустақилликнинг 22 йиллиги арафасида август ойида Тошкент шаҳрида ободонлаштириш ва тозалик ойлиги ҳамда 24-25 август кунлари умумхалқ хайрия хашари ўтказилади. Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, шаҳар ҳокимининг шу йил 12 августдаги қарорига мувофиқ, ойлик доирасида туман ҳокимликлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, корхоналар, таълим муассасалари, тегишли бошқарма ва ташкилотлар томонидан маҳаллалар, кўп қаватли бинолар ва ҳовлилар атрофи, гузарлар, ҳиёбонлар, зиёратгоҳлар ва қабристонлар ҳамда ариқлар, кўча, йўлак ва лотокларни, оқава сув қудуқлари тозаланади, болалар майдончаларини тартибга келтирилади. Барча турар жой мавзелари, маҳаллаларда гул кўчатлари, мевали ва манзарали дарахтлар экилиши, бўш ҳудудларда боғлар барпо этилиши, дарахтлар оқланиши кўзда тутилган. Кекса ва ногиронлар, ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларнинг уй-жой шароитлари яхшилашга кўмаклашиш ҳам белгиланган. 2013 йил 24-25 август кунлари умумхалқ хайрия хашари ўтказилиши муносабати билан мулкчилик шаклидан қатъий назар барча корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ишчи-хизматчиларнинг бир кунлик иш ҳақи миқдоридаги маблағлари “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлимларининг банкдаги ҳисоб рақамларига ўтказилиши тавсия этилади. Хайрия хашаридан тушган маблағлар кам таъминланган оилаларга, ногирон ва ёлғиз кексаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, ёш оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, маҳаллалардаги мавжуд спорт майдончаларини жорий таъмирлаш ҳамда уларни керакли спорт анжомлари билан жиҳозлаш, маҳалла фуқаролар йиғинларининг моддий-техника базасини яхшилаш каби тадбирларга сарфланади.
|