Ўзбекистонда доимий истиқомат қилаётган аҳоли сони 2013 йилнинг 1 февраль куни 30 миллионга етди. Бу ҳақда, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида аккредитациядан ўтган Россиянинг «РИА Новости» ахборот агентлиги, Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасидаги манбаларга асосланиб хабар бермоқда. Агентлик хабари CA-News томонидан эълон қилинган.
«Газета.uz»нинг Давлат статистика қўмитасига асосланиб хабар беришича, 2013 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон аҳолиси сони 29 миллион 994,6 минг кишини ташкил этган (яъни, 5,4 минг киши кам 30 миллион – Kun). 2012 йил давомида мамлакат аҳолиси сони 439,2 минг кишига ёки 1,5 фоизга кўпайган.
Аҳолининг 51,1 фоизи (15,315 миллион нафари) шаҳарларда истиқомат қилаётган бўлса, 48,9 фоизи (14,679 миллион нафари) қишлоқ жойларда яшамоқда.
2012 йилнинг январь-декабрь ойлари давомида ФҲДЁ органлари томонидан 299,1 мингта никоҳ ва 17,9 мингта ажрим расмийлаштирилган. Шунда ҳар 1000 нафар аҳолига 10та никоҳ (2011 йилга нисбатан 9,8 фоиз ўсиш) ва 0,6та ажрим (ўзгаришсиз) тўғри келган.
2012 йил давомида Ўзбекистонга, дастлабки маълумотларга кўра, 169,1 минг киши келган, 208,8 минг киши мамлакатни тарк этган. Миграция сальдоси минус 39,7 минг кишини ташкил этган – бир йил аввал ушбу кўрсаткич минус 47,5 минг кишига тенг эди. Manba:darakchi.uz
|