165 минг киши "Mars One” деб номланувчи хусусий фазовий лойиҳага қўшилиш истагини билдирди. Бу ҳақда лойиҳа сайтида маълум қилинади.
Марсга "кўчиб ўтиш” истагини билдирган кишилар дунёнинг 140 та мамлакатида яшайди. Улар лойиҳада қатнашиш учун 5 доллардан 75 долларгача пул тўлаган. Аризаларни қабул қилиш ишлари 31 август куни якунланади.
Нидерландиялик ишбилармон ва "Mars One” лойиҳасининг асосчиси Бас Лансдорп камида миллионта киши Марсга кўчиб ўтиб, у ерда инсониятнинг янги ирқига асос солади, деб ўйлаганди.
Эслатиб ўтамиз, бу йил Марсга парвоз лойиҳаси доирасида дастлабки 24 нафар астронавтни танлаб олиш ишлари бошланди. Улар бир неча йил давомида тайёргарликдан ўтади. 2022 йилда эса, Марсда ҳаётни таъминлаш ва энергия қуввати тизимларига эга яшаш зоналари тайёр бўлганидан кейин, тўрт нафар космонавт бир умрга Қизил сайёрага жўнаб кетади. Марсга одамлар 2023 йилда етиб бориши кутилмоқда. Кейинчалик ушбу сайёрага ҳар икки йилда бир марта тўрттадан астронавт парвоз қилади. "Янги марсликлар”ни тайёрлаш жараёни реалити-шоу доирасида ТВ орқали намойиш этилади.