Ёши 103 га тўлган бразилиялик кампир энг кекса парашютчи-аёл номини олиши мумкин. Ушбу ишқибоз спортчи уч минг метрдан юқори баландликдан парашютда сакради, унинг парвози олти дақиқага яқин давом этди.
Рекордни исботлаш учун парвоз жараёни видеога ҳам олинди. Бу Аида Мендиснинг 100 йиллик юбилейини нишонлаганидан кейинги учинчи сакраши. Спортнинг ушбу турига жуда қизиқувчи Аида момо Бразилия, Аргентина ва Парагвай чегараларининг туташувида жойлашган Фос-де-Игуасу шаҳридаги авиабазага махсус келиб кетади. Ўзининг навбатдаги сакрашини кекса аёл телеоператорларнинг объективи остида инструктор билан бирга амалга оширди. Ерга ҳам, техник нуқтаи назардан, деярли бенуқсон қўнилди, дея хабар беради ИТАР-ТАСС.