100 йилда европалик эркакларнинг бўйи 11 см.га ўсди
1870-1980 йиллар ичида европалик эркакларнинг бўйи ўртача 11 см га ўсган. Эссекс университетининг профессори Тим Хаттон раҳбарлигидаги олимлар гуруҳи 15 та мамлакатда яшовчи юз минглаб эркакларнинг бўйи ҳақидаги маълумотларни тадқиқ қилиб чиқди.
Уларга кўра, агар 19 асрнинг иккинчи ярмида эркакларнинг бўйи ўртача 167,5 см ни ташкил этган бўлса, 20 аср охирига келиб, у 177,37 см га етган. Олимлар бўйнинг ўсишини тиббиёт соҳасидаги тараққиёт ҳамда касалликлар билан боғлиқ вазиятнинг яхшиланиши билан боғламоқда, дея қайд этади ВВС. Бундан ташқари, одам бўйининг ўсишига унинг 2 ёшгача бўлган даврдаги соғлиғининг аҳволи ҳам сезиларли таъсир кўрсатар экан. 19 асрда чақалоқлар асосан респиратор касалликлар ва диареядан оммавий равишда нобуд бўлган, тирик қолганлари эса нимжон бўлган. Одамлар бўйининг ўсишига таъсир қилган яна бир омил – бу оилалардаги фарзандлар сонининг камайиши, дея қайд этади тадқиқотчилар. Яъни болалар кўпроқ овқат ейиш имконига эга бўлган ва улар яхшироқ парвариш қилинган. Шунингдек, олимларнинг таъкидлашича, даромаднинг ўсиши, санитария ва яшаш шароитларининг яхшиланиши ҳамда озиқ-овқатлар ҳақидаги билимларнинг ортиши ҳам ўз ролини ўйнаган.