Хонадонлар учун газ баллонларини сотадиган 26 та марказ ва 5 та газ тўлдириш станцияларини қуриш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 5 июлдаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида "Ўзтрансгаз” АК томонидан газ транспорти тизимининг барқарор ва ишончли ишлаши, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий объектлар ва аҳолини табиий газ билан узлуксиз таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Ушбу табиий бойликдан оқилона фойдаланишни кўзлаган ҳолда, компания томонидан 2013-2014 йил куз-қиш мавсумида табиий ва сиқилган газ билан самарали таъминлаш бўйича қатор ишлар бажарилди. Ушбу жараён жорий йилнинг март ойидан бошланган бўлиб, тасдиқланган режа-жадвалига мувофиқ, бугунги кунга келиб «Ўзтрансгаз» томонидан магистрал газ қувурлари, Муборак, Зирабулоқ, Ғаллаорол, Янгиер ва Оҳангарон газ ҳайдовчи компрессор станциялари капитал таъмирдан чиқарилди. Бундан ташқари, умумий узунлиги 55 км. бўлган «Фарғона-Қува-Асака», «Наманган-Андижон», «Зирабулоқ-Ғаллаорол» газ қувурларида қурилиш ишлари олиб борилди.
Кузги-қишги мавсумда истеъмолчиларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олиб, «Ўзтрансгаз» томонидан сиқилган газ ва газ баллонларини етказиб бериш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ҳудудларда хонадонларда ишлатиладиган газ баллонларини сотиш бўйича 26та қўшимча хизмат марказларини ташкил қилиш, шунингдек, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш учун 5 та газ тўлдириш станцияларини қуриш режалаштирилмоқда.