Озодбек Назарбеков ўз концертида фонограммадан фойдаланмаслик учун бирорта қўшиғини студияда ёздирмади. Бу ҳақда Shov-shuv.uz сайти хабар бермоқда.
Сайт Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг ушбу қарорини «фонограмма ишлатиб қўймасликнинг энг содда инновацион усули» деб таърифлаган.
«Халққа, мухлисларга берган ваъдам бор. Шу ички масъулият менда янги ғоя уйғотди. Агар, янги қўшиқларимни студияда ёзсам, овоз чарчаши ҳақида баҳоналар туғилиб, фонограммага барибир эҳтиёж сезишим мумкин. Демак, янги концертимгача биронта қўшиғимнинг фонограммаси бўлиши мумкин эмас», – деди Назарбеков.
«Ана ўшанда, микрофонни ушлаб, ёлғон оғиз қимирлатишга имкон асло бўлмайди. Бу нафақат мухлисларимнинг мени имтиҳон қилишлари учун балки ўзимни ўзим тўлиқ жонли концертда тегирмондан ўтказиш учун синовдир. Янги альбом қочиб кетмайди. Мен аввало, жонли концерт бериш бобидаги ваъдамнинг устидан астойдил чиқишим керак», – дея қўшимча қилди Ўзбекистон халқ артисти.