Мода оламининг ўзига хос инжиқликлари ҳақида ҳикоя қилувчи эски журналлар саҳифаларини бир-бир варақлаб, «Чёлка»(пешонагажак) жуда тез урфга кириб, яна урфдан чиқишини кузатдим.
Лекин аксарият қизлар мода нимани «буюриш»идан қатъи назар, «Чёлка» қирқтириб юрадилар. «Чёлка» ўстиришнинг нозик томонларидан бири у ҳаммага ҳам бирдек ярашавермайди. «Чёлка» сизга қанчалик ярашишини олдиндан аниқлашнинг йўллари бор. Бугун мана шу ҳақда маълумот бераман. Пешонагажак – бу шунчаки қош чизиғи бўйлаб қирқилган сочлар деб ўйланса, қаттиқ янглишилади. Чунки унинг турли шакллари мавжуд. Юз тузилишидан келиб чиққан ҳолда ўзга ярашадигани танланади. Классик (бир текис) «Чёлка» кўпроқ кўзларга урғу бериб, бир неча ёшга ёшартириши мумкин. Аммо сочлар толаси ингичка ёки жингалак бўлса, классик шаклдаги «Чёлка»ни танламаган маъқул. «Косой» (қийшиқ) «Чёлка» жингалак соч соҳибалари учун эмас. Чунки кун давомида тўғрилаб юришга мажбур бўлинади. Кўриш қобилияти паст бўлса, кўзойнак ўрнига линза тақиб юриш афзал билинса - «Чёлка»ни узун қилиб қирқтирмаган маъқул. Шу қоидани ҳам унутмаслик керакки, чиройли бўлиш исталса, эринмасдан «Чёлка»ни ҳар куни ўзига керакли тарзда ётқизиш (укладка қилиш) лозим. Мафтункор бўлиш осон иш эмас, ахир.
Махсус қоидалар: * Ёш қизлар исталган шаклда «Чёлка» қирқтиришлари мумкин. Ёши 30дан ошган аёлларга эса бундай қилишни маслаҳат бермаган бўлар эдим. * Жуссаси қотмадан келган қизларга ҳаддан ортиқ иширилган «Чёлка»лар ярашмайди. Сарвиқомат гўзаллар ҳам текис қирқилган «Чёлка»лардан воз кечганлари маъқул. * Сочлар укладкага бўйсунмайдиган бўлса, «Чёлка»ни калта қирқтирмасликка ҳаракат қилиш керак. * Чўзинчоқ юз, кенг пешона соҳибаларига узайтирилган шаклда қирқилган «Чёлка» ярашади. * Тўртбурчак ёхуд узунчоқ юзли қизлар учун «косой» «Чёлка» айни муддао. * Учбурчак юз соҳибаларига камалак шаклидаги «Чёлка» ярашади. * Илк маротаба «Чёлка» қирқтираётган тақдирда, унинг калта бўлмаслигига эътибор бериш лозим, чунки ёқмаган тақдирда, пешонагажакни бемалол ёнга йиғиштириб, ёнга олиб қўйиш билан муаммодан халос бўлиш мумкин. * «Чёлка» махсус парваришни талаб қилмайди. Асосийси, сочлар ҳамиша тоза, соғлом ва жилвакор бўлсин!